Иссиқхонада бодринглар неча кунда пишиб етилади?
Иссиқхонада бодринг етиштириш йилнинг исталган фаслида амалга оширилади. Бодринг гуллагандан кейин 15-16 суткада, жуда қулай шароитларда эса ундан ҳам аввалроқ яъни 12-14 суткада меваси истеъмолга тайёр бўлади. Узоқ давом этадиган булутли кунларда бу муддат 18-20 суткага узаяди. Эртанги бодринг ҳосили бир дона бодринг оғирлиги 220-250 г га етганда терилади.
Узун мевали навлари катта мева тугади. Аммо 1-2 ой давомида ўртача вазни 300-350 г дан кўп бўлмаганда терилади. Бу шаклланаётган бошқа ҳосилнинг ривожланиши тўхтаб қолишининг олдини олади. Майда, кўп ҳосил берувчи дурагайлар ва навлар тез-тез териб олишни талаб қилади. Бундай навлар ҳосили ўз вақтида териб олиниши керак. Ҳатто теримнинг озгина ушланиб қолиши ҳам эртанги ва умумий ҳосилга салбий таъсир етади. Тугунча ва ёш меваларнинг ўсишини тўхтатиб қўяди.
Катта бўлиб ўсиш уруғ боғлаш билан боғлиқ. У маҳсулотнинг сифатини ёмонлаштиради ва озиқ моддаларнинг беҳуда сарфланишига олиб келади. Экинларда ҳар хил миқдорда тугунчалар ва мевалар шаклланади: баъзиларида жуда кўп, баъзиларида эса камроқ.
Бодрингларни териш билан меваларнинг ўсишини ростлаш мумкин. Ҳосили кўп бўлган палаклар кўпроқ терилади.
Жумладан, ўсимликнинг ўсишини сустлаштирмаслик ва ёш меваларнинг фаол ўсишига имкон бериш учун тўлиқ шаклланмаганларининг бир қисми ҳам терилади. Ортиқча юк озуқа ва намликнинг етишмай қолишига, кўп тугунчаларнинг ҳалокатига олиб келади. Бодринг бандидан ўткир пичоқ билан кесилади.
Теримни енгиллаштириш ва тезлаштириш учун саватни елкага осиб ёки ерга қўйиб 2 қўллаб ишлаш керак. Бу сезиларли даражада меҳнат унумдорлигини оширади.
Иссиқхонада теримнинг узоқ вақт чўзилиши яхши емас, чунки бу вақтда очиқ тупроқда ўстириладиган бодринглар тўлиқ ҳосил бера бошлайди. Иссиқхонадаги бодринг ўсимликлари анча чарчаб, ҳосилдорлиги камайиб, майдалаша бошлайди. Шундай ҳолларда эскирган палаклар юлиб ташланиб, кузги экишларга қадар иссиқхона тупроғига дам берилади.
Источник
Баҳорги иссиқхоналарда помидор етиштириш
Баҳорги плёнкали иссиқхоналарда кўкламги-ёзги оборотда қуёш ҳарорати таъсирида помидор етиштирилади. Республикамизнинг марказий вилоятларида кўчат март ўрталарида экилиб, ҳосили апрелнинг охирги ўн кунлигида етилади. Плёнкали иссиқхоналарда етиштириш учун помидорнинг тезпишар: «Перемога-165», «Талалихин-186» ва бошқа навлари тавсия этилади.
Плёнкали иссиқхоналарга экиладиган кўчатлар қишки очиладиган иссиқхоналарда тайёрланади. Уруғи январ бошида сепилади. Кўчатлар 60 кунлик бўлиб, уларнинг ярми шоналаганда экиш учун олинади. Кўчатлар пикировка қилиниб, 10Х10Х10 см катталикдаги гўнг чириндили кубикларда ўстирилади. Кўчат етиштириш усули худди қишки иссиқхона учун тайёрлашга ўхшайди. Фарқи шундаки, баҳорги кўчатлар экишдан олдин чиниқтирилади.
Кўчат лента усулида 2 қаторлаб экилади. Бунда лента оралиғи 80-90, лентадаги қатор ораси 50-60, қатордаги ўсимлик оралиғи 25-40 см қолдирилади. Ўсимлик вертикал шпалерга боғланади . Помидор тупига бир ёки икки пояли қилиб шакл берилади. Тезпишар навлар 3-4 шохи устидан, баланд ўсадиган ўртапишар навлар 5-6 шох тепасидан чилпинади. Ҳаво ҳарорати кундузи 25-27°C, кечаси 10-12°C, ҳавонинг нисбий намлиги 60-70% бўлиши лозим. Ҳавонинг 32°C дан қизишига, намликнинг ортиб кетишига йўл қўйиб бўлмайди. Шундай пайтларда иссиқхона яхшилаб шамоллатилади.
Мавсум давомида 3-4 марта қўшимча озиқ берилади. Ҳар бир озиқлантиришдан сўнг янги тупроқ сепиш, экин атрофини енгил чопиқ қилиш керак. Бериладиган минерал ўғитлар нисбатини белгилашда ўсув даври ҳамда тупроқ таркибидаги минерал моддалар ҳисобга олинади. Минерал ўғитлар маҳаллий ўғитлар билан алмашлаб берилади.
Макроэлементлар билан бир қатор мавсумда 2-3 марта микроэлементлар билан ҳам қўшимча озиқлантириш лозим (10 литрга г ҳисобидан): темир сулфат – 5, борат кислота – 3, мис сулфат – 3, руҳ сулфат – 3, аммонийли молибден сулфат – 2, калий перманганат – 3, кобалт сулфал – 2.
Манба: «Иссиқхона хўжаликларини ташкил қилиш ва юритиш», Ғ.А.Саматов, Ж.Й.Йодгоров, З.Т.Сиддиқов
Источник
Қишки иссиқхоналарда помидор етиштириш сирлари
Ўзбекистоннинг қишки иссиқхоналарида ноябр, декабр ва январда ойларида ҳосил олиш учун кузда кузги-қишки оборотда помидор экилади.
Кузги-қишки оборотда экиш учун ёруғлик ва ҳароратга талабчанлиги пастроқ, мевалари қийғос пишадиган навлар танланади. Ўзбекистонда мазкур оборотда етиштириш учун «Майкопский урожайний»-2090 ва «Уралский многоплодний» навлари маҳаллийлаштирилган. «Ревермун», «Сонато», «Украинский тепличной»-285 навлари ҳам истиқболли ҳисобланади. Мазкур навлардан оборот бўйича ҳар м2 ердан 5-7 кг помидор териб олиш мумкин.
Иссиқхонага қуйидаги муддатларда кўчат экилади:
- Қорақалпоғистонда июль охири – август бошида;
- Қашқадарё вилоятида август охирида;
- Тошкент ва Самарқанд вилоятларида 10-15-августда;
- Фарғона водийсида 15-20-августда.
Кузги-қишки оборотда 25-30 кунлик кўчат экилади. Уруғ юқорида кўрсатилган муддатдан 30-35 кун олдин сепилади. Кўчатлар иссиқхонанинг ўзида етиштирилади, бу билан вирус касалликларининг олди олинади. Ҳаддан ташқари исиб, намлик ошиб кетмаслиги учун иссиқхона ойналарига бўр ёки лойқа сепилади. Шундай қилинганда ҳарорат 5-6 пасаяди.
Кузги-қишки оборотда экиладиган кўчатлар тувакчаларсиз, субстратда, яъни шоли қипиғи ва чиринди (1:1 нисбатда) аралашмаси ёки чириндининг ўзида ўстирилади. Озиқланиш майдони қишки-кўкламги оборотдагидан кўра кичикроқ бўлади. 1 м2 ерга 4-5 та ўсимлик жойлаштирилади.
Кўчатлар 30-40 см баландликда олинган пушталарга экилиб, ариқчалардан суғорилади. Кузги-қишки оборотдаги помидорлар вертикал шпалерга тортиб ўстирилади. Экилгач 3-4 кундаёқ каноп билан – сирғаладиган қилиб
боғланади ҳамда боғич ҳар ҳафтада бир текшириб турилади.
Помидор тупининг ўсиб кетишига йўл қўйилмайди: 1 августда экилган кўчатлар 8-9 шохи устидан, 10-20 августда экилган 7-8 шохи устидан чилпиб ташланади. Дастлабки шохидаги мевалар териб олингач, пастки баргларини юлиб ташлаш керак.
Кузги-қишки оборотнинг дастлабки даврида ҳароратнинг 35°C дан ошиб кетишига йўл қўйилмайди. Жазирамада иссиқхона усти оқланади ёки ёмғирлатиш йўли билан ҳарорат пасайтирилади.
Октябр-ноябр ойларида иссиқхонадаги ҳаво ҳарорати қуёшли кунларда кундузи 25-30°C, булутли кунларда 18-20°C бўлиши, кечалари 18-20°C атрофида, бироқ 12°C дан пасайиб кетмаслиги лозим. Тупроқ ҳарорати 15-17°C бўлади. Декабр ойида табиий ёруғликнинг камайиши, илиқ кунларнинг қисқариши туфайли иссиқходаги ҳарорат аста-секин кундузи 18-20°C гача, кечалари 14-15°C гача тушади. Ҳавонинг нисбий намлиги иложи борича паст даражада (60% дан ошмаслиги) бўлиши керак. Бунинг учун суғоришдан сўнг эгатларга қуруқ тупроқ сепиб чиқиш лозим.
Қатор оралари икки-уч марта юмшатилиб, экин атрофи чопиқ қилинади. Чопиқдан кейин поянинг пастки қисмидан ён илдизлар чиқади. Чопиқ пайтида ҳосил бўлган ариқчалар орқали сув берилади. Август-сентябр ойларида экин тез-тез суғориб турилади. Кейинчалик ҳарорат пасайиб, булутли кунлар бошлангач, ойига икки-уч марта сув берилади.
Ҳаво ва тупроқ нам бўлганда помидор гулларининг чангланиши қийинлашади. Шунинг учун чангланиш ноқулай бўлган шароитларда, айниқса, булутли кунларда помидор туплари силкитиб турилса, гуллар мевага айланиши тезлашади. Бу тадбирни ҳафтада 2 марта, эрталабки соатларда, 2-3 секунд давомида амалга оширилса, ҳосилдорлик 10-12% ошади.
Мевалари ноябрнинг иккинчи ярмидан бошлаб, январ ойининг ўрталарига қадар териб олинади. Шундан кейин иссиқхонада навбатдаги экин (бодринг) учун бўшатилади. Агар шу пайтда ҳам кўк мевалари бўлса, помидор тупи билан юлиб олиниб, унча совуқ бўлмаган хонага осиб қўйилади.
Манба: «Иссиқхона хўжаликларини ташкил қилиш ва юритиш», Ғ.А.Саматов, Ж.Й.Йодгоров, З.Т.Сиддиқов
Источник